Дарахтларни ҳам кадастр қилиш мумкинми? Қай тартибда дарахтларнинг кадастр паспорти шакллантирилади?

Юртдошларимиздан келаётган ушбу саволлар юзасидан Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилоят бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Шохрух Абдурахимов жавоб берди.  

– Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 83-моддасига асосан кўп йиллик дов-дарахтлар ҳам кўчмас мулк тоифасига киради. Демак, дов-дарахтларга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Кўп йиллик дарахтларга боғлар, токзорлар, тутзорлар ва бошқа ўрмон дарахтлари киради.  

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш — юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари юзага келганлиги, бошқа шахсга ўтганлиги, чекланганлиги ва бекор қилинганлиги фактини давлат томонидан тан олинганини билдиради.  

Кўп йиллик дов-дарахтларга кадастр паспортини расмийлаштириш ва унга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги 535-сонли қарори билан тасдиқланган Маъмурий регламентларга асосан амалга оширилади. Юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки бўлган кўп йиллик дарахтларга кўчмас мулкнинг бир тури сифатида кадастр йиғмажилди тайёрланади ва натижалари бўйича кадастр паспорти берилади.  

Кадастр йиғмажилдини тайёрлаш жараёнида боғлар, узумзорлар, тутзорлар ва бошқа ўрмон дарахтларининг майдонида ўлчов ишлари ўтказилади ва кўчатларнинг сони аниқланади. Боғлардаги дарахтлар турларга (олма, нок, шафтоли ва бошқалар) ажратилмасдан, эгаллаган умумий майдони ҳамда сони аниқланади. Кўп йиллик дарахтларнинг кадастр маълумотлари ер участкасининг кадастр маълумотлари билан биргаликда кўрсатилади.  

Кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш ушбу кўп йиллик дарахтлар жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин амалга оширилади. Ҳозирги кунда кўп йиллик дов-дарахтларга кадастр паспортини расмийлаштириш ва унга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш композит тарзда амалга оширилмоқда.  

Кўп йиллик дарахтларнинг паспортини расмийлаштириш ва ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш кўп йиллик дарахтларнинг тури ва сони ҳамда улар эгаллаган ер майдони ҳақидаги маълумотларни киритишдан иборат бўлади.  

“Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат.  

Кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқининг юзага келишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун қишлоқ хўжалиги органларининг кўп йиллик дов-дарахтларни фойдаланиш учун қабул қилиш тўғрисидаги далолатномаси, тугатиш комиссиясининг фуқароларга фермер хўжаликлари ташкил этиш учун қишлоқ хўжалиги кооперативларининг (фермер хўжаликларининг) боғларини ва токзорларини аукционда сотиш тўғрисидаги баённомаси ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ва ижарачи ўртасидаги шартнома, боғдорчиликка, узумчиликка, ипакчиликка ихтисослашган хўжалик ташкил этиш учун ер участкаларини узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокими ва ижарачи ўртасидаги шартнома, ер участкасини кўп йиллик дов-дарахтлар экиш ҳуқуқини бериш учун узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисидаги шартномага доир қўшимча келишув, ўрмон фонди ерларини ижарага бериш тўғрисида давлат ўрмон хўжалигини бошқариш органлари ва ижарачи ўртасидаги шартнома бўлиши керак.  

Кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун кўп йиллик дов-дарахтларнинг олди-сотдисига оид нотариал тартибда тасдиқланган шартнома, лизинг тўловлари тўлиқ тўланганлиги тўғрисидаги маълумотнома билан нотариал тартибда тасдиқланган лизинг шартномаси, кўп йиллик дов-дарахтларни ҳадя этиш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома, кўчмас мулкни айирбошлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома, мерос қилиб олиш ҳуқуқи тўғрисидаги ва эр-хотиннинг умумий мулкида бўлган кўп йиллик дов-дарахтларнинг тегишли қисмига бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган гувоҳнома, суд қарорларини ва бошқа органларнинг қарорларини ижро этиш чоғида кўчмас мулкни реализация қилиш бўйича аукцион якунлари тўғрисидаги баённома, суднинг қарори ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд кўп йиллик дов-дарахтларни бериш тўғрисида ундирувчи ва қарздор ўртасида тузилган, давлат ижрочиси томонидан тасдиқланган далолатнома бўлиши зарур.  

– Бу хизматлар неча кунда амалга оширилади?  

– Бунда кадастр паспорти тайёрлаш 5 иш кунида, ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш 2 иш кунида амалга оширилади. Ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, кадастр паспортини тайёрлаш  эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари ва ҳар 1 гектар дов-дарахтлар билан эгалланган ер участкаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 фоизини ташкил этади.  

– Ҳамма дарахтларни ана шундай ҳужжатлаштирса бўладими?  

– Йўқ, барча дарахтларга кадастр паспорти шакллантирилмайди. Хусусан, ер участкасига бўлган ҳуқуқ расмийлаштирилмаган ерларга экилган кўп йиллик дов-дарахтларга. Бундан ўрмон фондининг ижарага олинган ерларига экилган кўп йиллик дов-дарахтлар мустасно.  

Кўчатхоналардаги кўчатлар, юридик шахсларнинг балансида бўлмаган кўп йиллик дов-дарахтлар, фойдаланиш учун қабул қилинмаган кўп йиллик дов-дарахтлар, кўп йиллик бутазорлар ва резавор ўсимликлар, ўрмон хўжаликларининг ва бошқа ўрмон хўжалиги давлат корхоналарининг, муассасаларининг ҳамда ташкилотларининг балансидаги ўрмонлар ва кўп йиллик дов-дарахтлар, илмий-тадқиқот ташкилотларининг кўп йиллик дов-дарахтлари, аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, шу жумладан ташкилотларнинг ерларида кўкаламзорлаштириш мақсадида экилган кўп йиллик дов-дарахтлар, узоқ муддатли ижарага берилган ер участкаларида ижарага берувчининг рухсатисиз экилган кўп йиллик дов-дарахтлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди.  

– Дов-дарахтларнинг кадастр паспортини шакллантириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш нима беради?  

– Кўп йиллик дов-дарахтлар ҳам кўчмас мулк ҳисобланади. Демак, кўчмас мулк бўйича барча ҳаракатларни амалга оширишда, масалан сотишда, ҳадя қилишда, мерос қолдиришда унга кадастр паспорти расмийлаштирилган ва унга бўлган ҳуқуқ албатта давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиши шарт. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ вужудга келганидан кейин белгиланган муддатда (бир ой) давлат рўйхатидан ўтказилмаслиги жарима қўлланилишига сабаб бўлади.  

– Манзарали дарахтларга кадастр паспорти шакллантирилмайдими?  

– Шундай десак бўлади, яъни аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, шу жумладан ташкилотларнинг ерларида кўкаламзорлаштириш мақсадида экилган кўп йиллик дов-дарахтлар ҳамда фойдаланиш учун қабул қилинмаган кўп йиллик дов-дарахтлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди.  

Total
0
Shares
Олдинги Янгилик

Навоий вилояти Хатирчи туманидаги тиббиёт бирлашмасида аёл туғуруқдан сўнг вафот этди.

Кейинги Янгилик

Навоий шаҳар ободонлаштириш

Мавзуга оид

Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи фирибгарлик ва пора беришда гумонланмоқда

Kun uz манбасига кўра, лавозимига тайинланганига бир ой бўлган Мерей Омонбоевага нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Савдо-саноат палатаси Навоий…
Батафсил

Навоий шаҳар

Қурилиш вазирлиги томонидан ноқонуний деб топлиб расмий муносабат билдирган объектда қурилиш ишлари жадал суратларда давом этмоқда(ми)? Бу борада…
Батафсил

Кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда бепул хизматлар ҳақида хабардормисиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасинин 18.05.2021 йилдаги 306-сон қарорига асосан кадастр паспортини расмийлаштиришда қуйидаги ҳолларда давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун…
Батафсил