Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев, ҳоким ўринбосарлари ва қатор бошқармалар бошлиқлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда, пойтахт ҳокими мамлакатимиз ҳудуди, хусусан, Тошкент шаҳрига кескин совуқ об-ҳавонинг кириб келиши муносабати билан ҳар қандай талофатларнинг олдини олиш бўйича мутассаддиларга тегишли топшириқларни берди:
— аномал совуқ кунлар даврида, ўн кун давомида: 9 дан 18 январгача шаҳар ва туман ҳокимликларида, бошқармалар ва уларнинг туман бўлимларида ҳар қандай мажлислар (жумладан Zoom шаклида), тадбирлар, масъулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи бошқа йиғилишларни ўтказиш тақиқланади;
— вазиятларни бошқариш юзасидан топшириқлар телефон ва онлайн алоқа тизимлари орқали тўғридан-тўғри берилади;
— қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга газ ва электр энергияси узлуксиз етказиб берилишини назоратга олиш;
— шаҳар жамоат транспортининг тизимли ишлаши чораларини кўриш;
— марказий ва ички йўлларни тезкорлик билан қор ва музламалардан тозалашни ташкил қилиш;
— бошқарув сервис компаниялари томонидан кўп қаватли уйлар йўлакларини қор ва музламалардан ўз вақтида тозалашни таъминлаш;
— электр тизимида аварияларни тезкор бартараф этиш;
— туғруқхоналар, шифохоналар, мурувват ва меҳрибонлик уйларининг иссиқлик таъминотини алоҳида назоратга олиш, улардаги мавжуд электр генераторларини ёқилғи билан таъминлаш, тўхтовсиз ишлаши учун шай ҳолатга келтириш;
— фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан 2 кун муддатда жамоат жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича қайта кўрик-назорат тадбирларини ўтказилишини таъминлаш;
— аҳолини жамоат транспортидан фойдаланишига кенг имкониятлар яратиш ва имкон қадар шахсий транспорт воситасидан фойдаланмасликни тавсия этиш;
— навбатчилик, штаблар ва call-марказлар фаолиятидаги алоқа телефонларининг узлуксиз ишлашини назоратга олиш;
— 2 кун муддатда 103 тез тиббий ёрдам машиналарини тиббий анжом ва дори воситалари билан таъминланганлик даражасини кўздан кечириб, етишмовчиликларни тўлдириш;
— кўчада хизмат қилаётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва ободонлаштириш ходимларини иссиқ чой ва егулик, ихчам термос идишлари билан таъминлаш ва ҳоказо.