Навоийда МТТ тизими ходимларининг август конференцияси бўлиб ўтди

Мамлакатимиз раҳбари қайд этганидек, миллатнинг соғлом генофондини тайёрлаш, аввало, мактабгача таълим тизимидан бошланади. Шу маънода сўнгги беш йилда соҳага дахлдор ўндан ортиқ Қонун, фармон ва қарорлар, жумладан, жаҳон амалиётида деярли учрамайдиган «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисидаги» Қонун қабул қилингани ёш авлод камолотига қаратилаётган улкан эътибордан далолат беради.

Мустаҳкам қонунчилик асосида мактабгача таълим тизими фаолияти такомиллашиб бораётганини Навоий вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Чунончи, вилоятда 2018-2022 йилларда мактабгача таълим ташкилотлари сони 995 тага (шундан 95 таси давлат) кўпайиб, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 34.1 фоиздан 80.9 фоизга етказилди.

Бугунги кунда вилоятда жами 1 минг 127 та МТТ мавжуд бўлиб, уларнинг 210 тасини давлат ва 917 тасини нодавлат (4 таси хусусий, 73 таси давлат-хусусий шериклик асосида ва 840 та оилавий) таълим-тарбия муассасалари ташкил этади.

Вилоятнинг МТТларида таълим ва тарбия жараёнлари ўзбек, рус, қозоқ тилларида олиб борилади. Бугунги кунда давлат МТТларининг қарийб 90 фоизи замонавий лойиҳалаштирилган биноларга жойлаштирилган ва 87 фоизи марказлашган тизимларга уланиб, тоза ичимлик суви билан таъминланган. МТТларнинг иссиқлик тизими ҳам тўлиқ марказлашган ва замонавий локал қозонлар орқали иситилишига эришилди.

— Соҳада таълим-тарбиянинг нодавлат шакли, жумладан, унинг хусусий, давлат-хусусий шериклик, оилавий йўналишлари ҳам кенг жорий этилмоқда, — дейди Навоий вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ўткир Тиллаев. — Ҳозирда қамров бўйича уларнинг улуши 37,7 фоизни ташкил этиб, ушбу нодавлат секторни ривожлантириш учун 82 та йирик лойиҳага 170.1 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар, ишга тушган лойиҳаларга эса ҳар ойда белгиланган тартибда бюджетдан субсидиялар ажратиб берилмоқда.

Шунингдек, тизимда таълим беришнинг муқобил шаклларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, 2020-2022 йилларда барча ҳудудларда 6 ёшли болалар учун 284 та бир йиллик бепул мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳлари ташкил этилиб, якунига етган 2021-2022 ўқув йилида уларга 6 минг 923 нафар ўғил-қиз қамраб олинди. Бундан ташқари Нурота, Навбаҳор, Конимех, Хатирчи туманларининг қамров даражаси паст, давлат МТТлари мавжуд бўлмаган чекка қишлоқларида махсус тайёрланган ва жиҳозланган 9 та икки сотихли мобил майдончаларда 20 та мобил гуруҳлар ташкил этилиб, ҳар бир ҳудудга шу мақсад учун биттадан ажратилган махсус жихозланган ИСУЗИ автобуслари орқали жами 318 нафар 3-7 ёшли болаларга бепул таълим хизматлари кўрсатилиши таъминланди.

Таъкидлаш жоиз, вилоятда боғча ёшидаги имконияти чекланган болаларни ҳам мактабгача таълим билан қамраб олиш ва уларни соғлом тенгдошлари қаторида сифатли бепул таълим-тарбия олишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йил бошида «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ томонидан ҳомийлик асосида қурилиб, жиҳозланган 72 ўринли «УМИД» кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат МТТ Зарафшон шаҳар мактабгача таълим бўлими балансига беғараз (ноль қийматда) ўтказиб берилган бўлса, ҳозирги кунда Навоий шаҳридаги қуввати 110 ўринли 16-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган МТТ маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мукаммал таъмирланмоқда.

— Шу билан бирга йил бошидан буён давлат мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, яъни асосан жиҳозлаш ва жорий таъмирлаш учун харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлардан ташқари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан маҳаллий бюджетдан қўшимча манбалар ҳисобидан 13.7 млрд сўм маблағ ажратилди, — дея давом этади Ў. Тиллаев. — Шунингдек, якунланган ўқув йили давомида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан вилоятдаги давлат МТТларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида марказлашган ҳолда қўшимча 4.7 млрд сўмлик ўқувғдидактик материаллар, жиҳозлар ва оргтехника воситалари етказиб берилди. Жорий йил якунига қадар таъмирлашга 1.6 млрд сўм ажратилиши, 349 та тайёрлов гуруҳларига 22 турдаги ҳамда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган 14 та давлат МТТ қарийиб 20.0 млрд сўмлик 55 турдаги жиҳозларни етказиб бериш белгиланган.

Таъкидлаш жоиз, таълим ва тарбия самарасида кадрлар салоҳияти, билим ва кўникма даражаси муҳим омиллардан бири саналади. Бу борада ҳам ислоҳотлар ўз самарасини бериб, салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, вилоят бўйича соҳада жами 5 минг 584 нафар педагог фаолият кўрсатиб келаётган бўлса, уларнинг 2 минг 552 нафарини ёки 45.7 фоизи (давлатда 50%)ни олий маълумотли кадрлар ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 2018 йилда бор-йўғи 26,5 фоиз эди, холос.

Бир сўз билан айтганда, мактабгача таълим тизими моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш борасида давлат ўз зиммасидаги мажбуриятларини босқичма-босқич таъминламоқда. Галдаги вазифалар таълим-тарбия борасида сифат ўзгаришларига эришишдан иборат.

Соҳа ходимларининг «Мактабгача таълим сифати: жорий ҳолат ва истиқболдаги вазифалар» мавзуидаги анъанавий вилоят август конференциясида шулар хусусида сўз борди.

Хусусан, энг аввало, йил якуни билан вилоятда 3-7 ёшли болалар қамровини 86,0 (6 ёшли болалар қамровини 90) фоизга етказиш етказиш, 58 та бир йиллик бепул мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этиш ва уларга 1 минг 160 нафар 6 ёшли болаларни қамраб олиш, камида 50 та давлат МТТларида тарбияланувчиларни «аутсорсинг» усулида овқатлантирилишини(ҳозирда 60та) йўлга қўйиш, янгидан ташкил этиладиган 88 та МТТ ва бошқа манбалар ҳисобига жами 600 тадан ортиқ янги иш ўринларини ташкил этиш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар ва аёллар бандлигига кўмаклашиш масалалари муҳокама этилди. Мактабгача таълим ва тарбияда илғор услубларни оммалаштириш, қамров паст олис (Томди 67,6%, Кармана 70,7%, Нурота 70,7%) туманларда ҳар бир ташаббусни қўллаб-қувватлаш, таълим-тарбия қозоқ тилида олиб бориладиган 17 та давлат МТТни шу тильдаги ўқув дастури ва дидактик материаллар билан таъминлашни яхшилаш масалалари ва бу борадаги ечимлар ўртага ташланди.

Ялпи йиғилишдан сўнг конференция шўбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди. Уларда мактабгача таълим тизимининг ҳар бир бўғинида ўз услубини яратган мутахассислар ўз тақдимотларини ўтказдилар.

Темур ЭШБОЕВ

Total
0
Shares
Олдинги Янгилик

НАВОИЙЛИК СПОРТЧИ ҚИЗЛАР КОНЬЯДА 3 ТА БРОНЗА МЕДАЛНИ ҚЎЛГА КИРИТИШДИ

Кейинги Янгилик

ЖУРНАЛИСТ ВА ЭКОЛОГЛАР “НАВОИЙ” ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИДА

Мавзуга оид

Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи фирибгарлик ва пора беришда гумонланмоқда

Kun uz манбасига кўра, лавозимига тайинланганига бир ой бўлган Мерей Омонбоевага нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Савдо-саноат палатаси Навоий…
Батафсил

Навоий шаҳар

Қурилиш вазирлиги томонидан ноқонуний деб топлиб расмий муносабат билдирган объектда қурилиш ишлари жадал суратларда давом этмоқда(ми)? Бу борада…
Батафсил

Кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда бепул хизматлар ҳақида хабардормисиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасинин 18.05.2021 йилдаги 306-сон қарорига асосан кадастр паспортини расмийлаштиришда қуйидаги ҳолларда давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун…
Батафсил