1 кг. 75 гр. олтин ва 838 гр. ёқут тошининг
ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Булунғур туманидаги “Юқори нуқта” ЙПХ масканида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган, Хатирчи туманида яшовчи, 1983 й.т. фуқаро бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, унинг салон қисмида умумий оғирлиги 1 кг. 75 гр. бўлган 11 дона бўлакдаги олтин борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Мутахассисларнинг баҳолашича, ушбу 999 пробали олтиннинг қиймати 795 млн. сўмни ташкил этади.
Бошқа ҳолатда эса Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, 1968 й.т. шахс соф оғирлиги 838 гр. бўлган ёқут қимматбаҳо тошни 300 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, ушбу суммадан 80 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, у мазкур қимматбаҳо тошни 1960 й.т. фуқародан олганлиги аниқланиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида у ҳам ушланди.
Мутахассисларнинг баҳолашича, ушбу қимматбаҳо тошнинг нархи 477 млн. 256 минг сўмни ташкил этади.
Таъкидлаш лозимки, ҳар икки фуқаро ҳам муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлари учун судланган бўлсаларда, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 177-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.